Маҳаллаларни ривожлантириш учун алоҳида жамғармалар ташкил қилинади

“Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–353-сон, 16.08.2022 й.) қабул қилинди

✅ Қарорга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилди.

🔰Жамғармалар маблағлари қуйидагилардан шакллантирилади:

▫️маҳалладаги 2 000 квадрат метргача бўлган давлат объектларини сотишдан тушадиган маблағлар;
▫️маҳалланинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
▫️халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
▫️маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
▫️жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
▫️хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар).

⏩ Маблағлар маҳалладаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш учун йўналтирилади.

🗓 2023 йил 1 январгача ҳар бир маҳалланинг аниқ чегаралари белгиланади.

Каналга уланиш:
👉 @sirfmok

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати

Ҳурматли юртдошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Қадрли ёшлар!

 

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз.

Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.

Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда.

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.

Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти.

 

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Қадрли ватандошлар!

Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу муносабат билан биз юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчилик, ҳурматли зиёлиларимиз, азиз фарзандларимиз, мутасадди раҳбарларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик.

Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эканини эсдан чиқармайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам берайлик. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, аёлларимиз ва болаларимизга тушунтирайлик.

Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқайлик ва уларга қатъий амал қилайлик.

Яна бир масала – оилавий тадбирларда санъаткорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатса ва шу тартибга қатъий риоя қилинса, уларнинг масъулияти янада ошади, миллий урф-одатларимиз ва маънавиятимизга мутлақо тўғри келмайдиган куй-қўшиқлар, рақс ва бошқа чиқишларнинг олди олинади. Айни пайтда кўчалар, майдонлар ва бошқа жамоат жойларида турли замонавий техник ускуналар, жумладан, овоз кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш атрофдаги инсонларнинг ҳаловатини бузаётганига ҳам бефарқ бўлмайлик.

Бундай тадбирларни ўтказишда ҳаддидан ошган кимсаларни – уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъий назар – маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб, маслаҳат бериб, тўғри йўлга солайлик.

Ҳар бир ишда, жумладан, урф-одатларга амал қилишда ҳам меъёр ва тартиб ҳал қилувчи омил эканини унутмайлик. Ҳаётимизда осойишталик ҳукмрон экан, оилаларимизда, юртимизда тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик барқарор бўлади.

 

Қадрли опа-сингиллар!

Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини сизларнинг иштирокингизсиз тасаввур этиш қийин. Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келмоқдасиз.

 

Шундай экан, ижтимоий ҳаётимиздаги нуфузингиз ва мавқеингиздан фойдаланиб, тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб беришингиз лозим.

Бу масалада кўп нарса сиз – аёлларга боғлиқ эканини унутманг.

 

Азиз ўғил-қизлар!

Сизларнинг ёрқин истиқболингиз учун давлатимиз, ота-оналарингиз барча шароитларни яратмоқда. Ўқиб-ўрганаман, замонавий касбларни эгаллайман, деган мақсад билан яшаётган тенгдошларингиз катта марраларни забт этмоқда. Энг сўнгги техника ва технологияларни бошқармоқда, ривожланган мамлакатларнинг илғор ёшлари билан барча соҳаларда тенгма-тенг беллашмоқда.

Шиддат билан тез ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида сизларнинг асосий вазифангиз – замонавий илм-фан ютуқларини, ахборот-коммуникация технологиялари сирларини, чет тилларни пухта эгаллаш, мамлакатимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир. Бугунги дунё тараққиётидан яхши хабардор бўлган XXI аср ёшлари сифатида сизлар миллатимиз шаънига доғ туширадиган бундай салбий иллатларга қарши курашда ташаббус ва фаоллик кўрсатасиз, деб ишонамиз.

Албатта, ҳар бир ота-онанинг энг катта орзу-нияти жондан азиз фарзандининг бахту иқболини кўришдир. Лекин бунга фақат дабдабали тўй қилиш, моддий бойлик тўплаш билан эришиб бўлмаслигини сизлар яхши биласиз. Бунга ҳаётда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Аввало, ўзингизнинг, қолаверса, миллатимизнинг шаънини, ота-оналарингиз саломатлигини, бўлғуси оилангиз бахтини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишга ташаббускор бўлинг!

 

Азиз ватандошлар!

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, не-не машаққатларни, оғир кунларни бир жону бир тан бўлиб мардларча енгиб ўтган донишманд халқимиз одоб-ахлоқ мезонларига ҳам, муқаддас динимиз талабларига ҳам тўғри келмайдиган бундай иллатларга барҳам беришга қодир, деб ишонамиз.

Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз.

 

Фуқаролар йиғини яраштириш комиссияси тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси тўғрисидаги намунавий низомга қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Мамлакатда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига тўсқинлик қилувчи, қадриятларга зид бўлган оилаларнинг никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 10-сон, 71-модда) билан тасдиқланган Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси тўғрисидаги намунавий низомнинг 5-бандига қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилди:

“суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан никоҳдан ажрашишга ариза билан мурожаат қилган эр-хотинларни яраштириш учун тегишли чоралар кўриш бўйича хабар олингандан сўнг ярашиш учун белгиланган муддат тугашидан ўн кун аввал уларни яраштириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли равишда суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органини хабардор қилиш”;

бешинчи — ўн биринчи хатбошилар тегишли — равишда олтинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисобланади.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Маҳаллада амалий машғулот

Фуқаролар йиғини раислари Гулистон шаҳридаги «Шодлик» маҳалласида амалий машғулот ўтдилар. Амалий машғулот вақтида маҳаллада иш юритиш хужжатлари, ходимларга яратилган шароитлар, маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

 

САРҲИСОБ ВА ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

Гулистон шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказининг фаоллар залида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг 2017 йил фаолияти якунлари ва 2018 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Танқид ва  ўз ўзини танқид ҳамда 2017 йил давомида амалга оширилган ишларнинг таҳлилига бой бўлган йиғилишда энг аввало масъул ходимларнинг устувор вазифалар ижросини таъминлашдаги шахсий масъулиятига баҳо берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 -2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда вилоят кенгаши томонидан 2017 йил давомида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

– Вилоятимиздаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳоли билан мулоқотлар ўтказиш борасида ҳисобот даврида 958 та ижтимоий соҳа объектлари ўрганилиб, 58215 та оила билан мулоқотлар ўтказилди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Солижон Қудратов .- Бу жараёнда аҳоли томонидан турли соҳаларга доир билдирилган 12378 та муаммоларни бартараф этиш бўйича вилоят кенгаши фаол иштирок этди.

Дарҳақиқат, ҳисобот даврида вилоят кенгаши маҳаллалар фаоллари билан биргаликда 2309 та оила аъзоларининг доимий ишга, 81 та муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлашга, 71451 нафар уюшмаган ёшларни аниқлаб, 327 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга, 164 нафар фуқарога кечиктирилган иш ҳақи ва пенсиялари тўлаб берилишига, 329 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағлари олишига кўмаклашиш билан биргаликда, 1172 та ажралиш ҳолатига келиб қолган оилаларни яраштиришга, чет давлатларга чиқиш ниятида бўлган 92 нафар фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиб, уларнинг 64 нафарига ўз хонадонида тадбиркорликни йўлга қўйишга амалий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлди.

Энг муҳими, вилоят кенгаши аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб қувватлашга катта эътибор қаратди. 2017 йил давомида 376 та кам таъминланган оилаларга 153 миллион 125 минг сўмлик моддий ёрдам берилган бўлса, 376 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилишига, 296 нафар фуқаронинг зарур дори-дармонлар билан таъминланишига, 35 нафар фуқарони шифохонага жойлаштиришга, 32 нафар якка ёлғиз, ногирон фуқароларнинг уй-жойларини ҳашар йўли билан таъмирлаш ишларига кўмаклашилди.

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш масаласи вилоят кенгашининг доимий эътиборида бўлди. Ички ишлар органлари билан биргаликда маҳаллалар фаоллари 238 та нотинч ва ноқобил оилалар, 1415 та ажрашиш учун ариза берганлар, 78 нафар жиноят содир этган хотин-қизлар ва 62 та аъзолари ўз жонига қасд ва суиқасд қилганларга 5282 нафар фаоллар бириктирилиб, улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Йил якунига бағишланган йиғилишда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда вилоят  кенгаши, унинг қуйи тузилмалари томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳам тилга олинди. Айниқса,  туман ва шаҳарлар кенгашларининг масъул ходимлари томонидан Давлат дастури ижроси талаб даражасида мониторинг қилиб борилмаганлиги танкидга учради.

Аҳолининг ариза, шикоят ва мурожаатлари билан ишлашда камчиликлар йиғилишнинг алоҳида танқид объекти бўлди. Ҳисобот даврида юқори идораларга фуқаролардан 1426 та тўғридан тўғри келган мурожаатлар бўлди.  Бу ўтган йилга нисбатан 575 тага ошганлигини кўрсатмоқда. Бу рақам биргина Гулистон шаҳрининг ўзида 419 тага кўпайган. Энг ачинарлиси фуқаролар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига оғзаки ёки ариза билан мурожаат қилган тақдирда йиғин ходимларининг сансоларлиги, беғамлиги, ариза ва мурожаатларга беписандлиги каби ҳолатлар ҳанузгача давом этмоқда.

– Йиғилишнинг танқидий равишда ўтганлиги ўз самарасини беришига ишонаман, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сардоба тумани кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Шамсиддин Фармонов. – Менинг шахсан ўзим бундан тегишли хулосалар чиқардим. 2018 йилги режаларимга албатта,  ўзгартиришлар киритаман.

– Жойларда камчиликлар ва муаммолар кенгаш йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинмаслиги, ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаётганлиги ишимизга халал бермоқда, – дейди йиғилишда иштирок этган Гулистон шаҳридаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Латипов. – Буларнинг барчаси йиғилиб қолган муаммоларнинг янада кўпайишига олиб келмоқда. Кенгашнинг масъул ходимлари томонидан етарли даражада ташаббус кўрсатилмаётганлиги ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар йиғинларига услубий-амалий ёрдамлар кўрсатиш борасида масъул ходимларнинг тажрибасизлиги, билим даражасининг пастлиги, ўз устида мунтазам ишламаслиги ҳам сабаб бўлса ажабмас.

Йиғилишда кенгаш раисининг йўналишлар бўйича ўринбосарлари ҳам  батафсил ахборотлар беришди. Ҳар бир чиқиш танқид ва  ўз ўзини танқид ҳамда 2017 йил давомида амалга оширилмай қолган ишларнинг таҳлилига бой бўлди.

 

Тошпўлат ҲАЙИТБОЕВ

«Намуна» маҳалласида машғулот

«Фуқаролар йиғинлари масъул котиблари» гуруҳи тингловчилари Гулистон шаҳридаги «Намуна» маҳалласида кўчма машғулот ўтиб, маҳаллада олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Жиззахлик хамкасбларимиз ташриф буюрди

Яқинда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ФЎЎБОХМО Ўқув курсининг Ўқув-методик ва ташкилий масалалар бўлими бошлиғи Ў.Эгамов тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюриб, Ўқув курси фаолияти билан яқиндан танишди ва зарур методик тавсиялар берилди.

20171219_112946

ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ, ЁШЛАР ИТТИФОҚИ ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ ИШСИЗЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 5.12.2017 йилдаги 964-сон қарори билан Аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ва меҳнат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

“Ишга жойлаштириш” ААТ ўзаро ҳамкорликни таъминлайди

Унинг ёрдамида юқорида кўрсатилган тузилмалар ходимлари – ишга жойлаштириш бўйича агентлар Меҳнат вазирлигининг Бўш иш ўринлари миллий онлайн-базасидан фойдаланишлари мумкин. Улар унга қуйидагиларни киритади:
тегишли муассасаларга мурожаат қилган иш қидираётган банд бўлмаган шахс тўғрисидаги маълумотлар: унинг Ф.И.О.си, паспорт рақами, СТИР, яшаш манзили, жинси, туғилган санаси ва жойи, оилавий аҳволи, қарамоғидагиларнинг мавжудлиги, таълим бўйича олинган маълумоти, малакаси ва олдинги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;
иш берувчилардан олинган бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар: аниқ бўш лавозим, меҳнат шароитлари, иш ҳақи миқдори, маълумоти даражасига нисбатан талаблар, малакаси, иш тажрибаси, ташкилотнинг СТИР.

Барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси бўлинмалари Интернетга уланган ҳолда компьютер билан жиҳозланади.

Маълумотларнинг ягона ахборот базаси ташкил қилинади

Ишга жойлаштириш бўйича агентлар унга қуйидаги маълумотларни киритади:
фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган ва ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган шахсларни;
салоҳиятли иш берувчиларни, биринчи навбатда, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари жумласидан бўлган иш берувчиларни.

Ишга жойлаштириш бўйича агентлар моддий рағбатлантирилади

2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидагилар таъминланган тақдирда ишга жойлаштириш бўйича агентларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади:
“Ишга жойлаштириш” ААТга ва бўш иш ўринлари базасига бўш иш ўринларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилган бўлса, кейинчалик банд бўлмаган шахс унга ишга жойлашса — белгиланган тўлов суммасининг 100%и миқдорида;
банд бўлмаган шахс мавжуд бўш иш ўринлари базасида ишга жойлаштирилганда, бўш иш ўрнига киритиш ишга жойлаштириш бўйича агентнинг иштирокисиз амалга оширилган бўлса — белгиланган тўлов суммасининг 70%и миқдорида;
бўш иш ўринлари базасига бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилганда, бунда банд бўлмаган шахсни кўрсатилган бўш иш ўрнига ишга жойлаштириш бўйича агентнинг иштирокисиз амалга оширилганда — белгиланган тўлов суммасининг 30%и миқдорида тўланади.

Тўлов миқдорини Меҳнат вазирлиги меҳнат бозоридаги реал вазиятдан ва ҳар бир аниқ туман (шаҳар)даги бандлик динамикасидан келиб чиққан ҳолда, ЭКИҲ миқдорининг 5%идан кўп бўлмаган миқдорда белгилайди.

Ишга жойлаштиришни суғурта бадаллари тасдиқлайди

Банд бўлмаган шахсни ишга жойлаштиришнинг ҳаққонийлиги автоматик равишда аниқланади. “Ишга жойлаштириш” ААТга солиқ органларининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларининг ҳар ойда тўлангани тўғрисидаги маълумотлари келиб тушади.

Бунда суғурта бадаллари ишга қабул қилиш тўғрисидаги ахборот киритилган санадан бошлаб камида 6 ой мобайнида тўланган тақдирда, ҳар ойлик суғурта бадаллари эса қонунчиликда белгиланган миқдорлардан кам бўлмаган суммада тўланган тақдирда банд бўлмаган шахс ишга жойлаштирилган ҳисобланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган. Низом 1.01.2018 йилдан амалга киритилади.

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Подробнее: https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/fuqarolar_yiginlari_eshlar_ittifoqi_va_hotin-qizlar_qumitasi_ishsizlarni_ishga_joylashtiradi

Тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилмоқда

Яқинда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ФЎЎБОХМО Ўқув курси директори Қ.Турсунов тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюриб, Ўқув курси фаолияти билан яқиндан танишди. Қ.Турсунов Ўқув курсида фуқаролар йиғини ходимларининг малакасини ошириш учун яратилган шароитлар, ўқув жараёнларининг ташкил этилиши, ўқув режа ва дастурлар, тайёрланган маъруза матнларининг сифати, амалиётчи-мутахассисларга ҳақ тўлаш тизими, Ўқув курси мутахассислари томонидан яратилган методик тавсияларни ўрганиб, Ўқув курсидаги ишлаб чиқилган хужжатлардан намуналар олди.

 

Навоий шаҳрида Республика конференцияси бўлиб ўтди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг 2017 йил 2-чорак иш режасига мувофиқ Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзини бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курсида “Маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва самарадорлигини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида Республика илмий-амалий конференциясида иштирок этилди.

20171130_08564620171130_104630 20171130_110616 20171130_110649

Республика илмий-амалий конференциясида Навоий вилояти ҳокими, сенатор Қ.Турсунов, Навоий вилояти ФЎЎБОФМ кенгаши раисининг 1-ўринбосари Н.Исоқов ва бошқалар иштирок этди.

Ўқув курси директори К.Ҳайитбоев конференцияда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида маъруза қилди.

Конференция иштирокчилари томонидан Кармана туманидаги “Талқоқ” маҳалласи ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ФЎЎБОХМО Ўқув курси фаолияти ўрганилди.

Ўқув курси конференцияда фаол иштироки учун “Ташаккурнома” билан тақдирланди